ТАДБИРКОР АДОЛАТ ИЗЛАБ ПРЕЗИДЕНТГА МУРОЖААТ ҚИЛДИ
Сирдарё вилояти, Гулистон тумани. ОАВ HAQIQAT.UZ суриштируви. Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёев қайта-қайта таъкидлайдилар: “Тадбиркорни безовта қилиш, унинг фаолиятига ноқонуний аралашиш — Давлат сиёсатига, Президентга қарши чиқиш билан тенг! Ҳар бир тадбиркорнинг ортида Президент турибди!” Афсуски, Сирдарё вилояти ва Гулистон тумани ИИБ айрим терговчи ва масъул ходимлари учун бу сўзлар ва суд қарорларининг ижроси шунчаки қуруқ гап бўлиб қолаётгани таассуф уйғотади. Таҳририятимизга Сирдарё вилояти Гулистон тумани "Уч қаҳрамон" СИУ ҳудуди, "Шарқ Ҳақиқати" маҳалласи "Шодлик" кўчаси 27-уйда фаолият кўрсатувчи "SERHOSIL IKKI DARYO" фермер хўжалигининг қонуний вакили Тажибаев Зоҳид Нуритдиновичдан тезкор ва ҳақли мурожаат келиб тушди. Олиб борилган журналистик суриштирув давомида ички ишлар органи ходимларининг сансалорлиги, мурожаатларга юзаки ва нотўғри маълумотлар билан жавоб қайтариш амалиёти фош бўлмоқда. Суд қарори бор, аммо ИИБ “ҳеч нарса кўрмаяпти” Иш тафсилотларига назар ташласак, Гулистон туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 3 майдаги (4-1201-2403/1273-сонли) хусусий ажримида аниқ ҳуқуқий баҳо берилган ва кўрсатилган ҳолатлар мавжуд. Бироқ Гулистон тумани ИИБ томонидан 2025 йил 15 ноябрдаги қарори билан ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига кўра жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида ноқонуний тўхтамга келинган. Фермер хўжалиги вакили адолат излаб Ички Ишлар Вазирлигининг murojaat.gov.uz сайти орқали ва шахсий қабулларда бўлиб, қонуний ёрдам сўрайди. Бироқ... Қабуллар ва ваъдалар: Масъулларнинг "қирдокорлари" ва сон-саноқсиз шикоятлар Зоҳид Тажибаев адолат қарор топишини сўраб қатор юқори идоралар раҳбарлари қабулида бўлган: ИИВ ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи: Ишни ҳудудий Тергов гуруҳи томонидан атрофлича ўрганиш бўйича кўрсатма берган. Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи ҳамда унинг ўринбосари А.Х.Эргашев қабуллари: Иш қайта-қайта куратор ва масъул терговчиларга топширилган. Бироқ, Гулистон тумани ИИБ томонидан Президентнинг Ишонч телефони орқали юборилган ўнлаб мурожаатларга (2026 йилдаги №483331/26-сонли, 40711-rq/26, 44068-rq/26, 54920-rq/26, 56417-rq/26, 59970-rq/26, 312887-rq/26, 329774-rq/26 ва бошқалар) нотўғри, асоссиз маълумотлар киритилиб, масала мазмунан ҳал этилмасдан, жавоб хатлари “ёпиб юборилган”. Босим, хавотир ва “икки хил қараш” Гулистон тумани ИИБ терговчиси К.Тўхтасинова томонидан олиб борилган ҳаракатлар ва берилган хулосалар фермерда ҳақли равишда холисликка бўлган ишончсизликни ҳамда тадбиркорлик фаолиятига босим ўтказиш хавотирини уйғотган. Бир томонда Иқтисодий суднинг аниқ ажрими турса, иккинчи томонда туман ИИБ тергов бўлимининг масъулиятсизлиги ва масалани босди-босди қилишга уриниши саволларни келтириб чиқармоқда. Нега битта хусусий ажрим юзасидан Гулистон туман ИИБ ва Сирдарё вилояти ИИБ Тергов бошқармаси томонидан икки хил ёндашув кўрсатилмоқда? Президентга ва Олий идораларга МУРОЖААТНОМА Адолатсизлик ва сансалорликдан тўйган тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга, Бош Вазирга, Сенат Раисига, Президент Администрациясига, Бош Прокурорга ҳамда Бизнес-Омбудсманга расмий Мурожаатнома йўллади. Мурожаатдаги асосий талаблар: Гулистон тумани ИИБ ва Сирдарё вилояти ИИБ Тергов бошқармасининг масъул ва тергов ходимларига нисбатан ИИВнинг 2024 йил 30 июлдаги 28-сонли қарорига асосан хизмат текшируви ўтказиш; Тергов жараёнидаги ноқонуний хатти-ҳаракатларга ва сансалорликка чек қўйиб, ходимларга нисбатан қонуний чора кўриш; Жиноят ишини холисликни таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти ИИБ тергов гуруҳидан олиб, бошқа вилоят ёки юқори идора Тергов департаментига ўтказиш.Президентимиз очиқлик ва тадбиркорларни ҳимоя қилишни талаб қилаётган бир даврда, жойлардаги баъзи ички ишлар ходимларининг сансалорлиги Давлат сиёсатига бўлган ишончга путур етказмоқда. Таҳририятимиз ушбу журналистик суриштирувни ўз назоратига олади. Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ва Ички Ишлар Вазирлиги Тергов Департаментидан ушбу чиқишни расмий мурожаат сифатида қабул қилиб, Гулистон тумани ва Сирдарё вилояти ИИБ масъул ходимларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришини сўраб қоламиз. Воқеалар ривожини ОАВ HAQIQAT.UZ орқали кузатиб боринг!
