«СЕНЛАРГА БУЗ-БУЗ ДЕБ БУЙРУҚ БЕРГАНМИМАН?»
— НУРЛИ ЙЎЛДА ПРЕЗИДЕНТ ТАЛАБЛАРИГА КИМ ЖАВОБ БЕРАДИ? «ХАЛҚНИ РОЗИ ҚИЛМАЙ, УЙИНИ БУЗ!» — ДЕГАН ТОПШИРИҚ БЎЛГАНМИ? Самарқанд шаҳридаги «Нурли йўл» МФЙ аҳолисининг мурожаатлари юзасидан РАСМИЙ ОАВ HAQIQAT.UZ журналистик суриштирувни давом эттирмоқда. Бу сафар масалага оддий қурилиш муаммоси сифатида эмас, балки инсон қадри, мулк дахлсизлиги, қонун устуворлиги ва давлат органларининг аҳоли олдидаги масъулияти нуқтаи назаридан ёндашамиз. Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимлар ва масъулларга аҳолининг розилиги, инсон манфаатлари ва қонуний ҳуқуқларини таъминлаш масаласида бир неча бор кескин танбеҳлар берган. Жумладан, уй-жойларни бузиш масаласида Президентнинг ҳокимларга нисбатан айтган танбеҳлари мазмунидаги «бузишдан аввал...» деган қаттиқ огоҳлантиришлари ҳам жамоатчиликка маълум. Шундай экан, «Нурли йўл»даги воқеалар Президентнинг ана шу талаблари билан қанчалик уйғун? «НУРЛИ ЙЎЛ»ДА НЕГА АҲОЛИ ҲАЛИ ҲАМ САВОЛ БИЛАН ҚОЛМОҚДА? Бир неча ойдан буён маҳалла аҳолиси ўз мурожаатларини турли давлат органларига йўлламоқда. Фуқароларнинг талаблари эса оддий: Уй-жойимиз тақдири қандай бўлади? Мулкимиз учун қонуний компенсация бериладими? Бузиш ва қурилиш ишларининг ҳуқуқий асоси нимадан иборат? Аҳолининг розилиги ва қонуний манфаатлари қай даражада инобатга олинмоқда? Бу саволлар жавобсиз қолмаслиги керак. ҲОКИМ ЎРИНБОСАРИ НЕГА БУ МУАММОДАН БЕХАБАР? Журналистик суриштирув жараёнида Самарқанд шаҳри ҳокими ўринбосари Феруз Нажмиддинов билан мулоқот ҳам бўлиб ўтди. Мулоқот давомида мазкур масала бўйича маълумотга эга эмаслиги билдирилди. Аммо савол яна ўша: Агар аҳоли бир неча ойдан буён мурожаат қилаётган бўлса, нега масъул раҳбар бу муаммодан бехабар? ПРОКУРАТУРАГА ҲАМ САВОЛЛАР БОР Самарқанд шаҳар прокуратураси вакили эса аҳоли мурожаатлари юзасидан ҳудудга чиқилиб, фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилганини маълум қилган. Бироқ таҳририят суҳбатлашган айрим аҳоли вакиллари бу ҳолатни тасдиқламади. Демак, журналистик суриштирув олдида яна бир муҳим савол пайдо бўлади: КИМНИНГ ГАПИ ҲАҚИҚАТГА ЯҚИН? Бу саволга фақат ҳужжатлар, аниқ далиллар ва расмий жавоблар орқали ойдинлик киритиш мумкин. ҚОНУН БАРЧА УЧУН БИР ХИЛ ИШЛАШИ КЕРАК «Нурли йўл»даги вазият фақат бир маҳалланинг муаммоси эмас. Бу — инсон ҳуқуқи, мулк дахлсизлиги, очиқлик ва давлат органларининг фуқаро олдидаги масъулияти масаласидир. Агар қурилиш ёки реконструкция жараёнида фуқаронинг уй-жойи ва мулкига дахл қилинса, бу жараён қонун доирасида, очиқ ва шаффоф амалга оширилиши керак. ПРЕЗИДЕНТ ТАЛАБИ ЖОЙЛАРДА ҚAНДАЙ ИЖРО ЭТИЛМОҚДА? Давлат раҳбари халқ билан мулоқот қилиш, одамларни рози қилиш ва инсон манфаатларини таъминлашни давлат бошқарувининг муҳим вазифаси сифатида белгилаб келмоқда. Шундай экан, «Нурли йўл» МФЙдаги вазият Президентнинг ушбу талаблари нуқтаи назаридан ҳам ўрганилиши керак. Биз бировни асоссиз айблаш тарафдори эмасмиз. Бизга ҳақиқат, ҳужжат ва қонуний ечим керак. ОАВ HAQIQAT.UZ: ЖУРНАЛИСТИК СУРИШТИРУВ ДАВОМ ЭТАДИ! Таҳририят «Нурли йўл» аҳолисининг мурожаатларини ўрганишни давом эттиради. Самарқанд шаҳри ҳокимлиги, прокуратура ва бошқа мутасадди ташкилотлардан мазкур ҳолат юзасидан очиқ ва асосланган расмий муносабат кутиб қоламиз. "ХАЛҚНИ РОЗИ ҚИЛИШ — ТАЛАБ. ҚОНУНГА РИОЯ ҚИЛИШ — МАЖБУРИЯТ. ИНСОН ҲУҚУҚИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ — БУРЧ."