РЕНОВАЦИЯ ВА АҲОЛИНИНГ МУЛКИЙ ҲУҚУҚЛАРИ ЮЗАСИДАН ҲИСОБ ПАЛАТАСИГА РАСМИЙ ЖУРНАЛИСТИК СЎРОВНОМА ЮБОРИЛДИ!

ОАВ HAQIQAT.UZ таҳририяти давлат молиявий назорати, очиқлик ва жамоатчилик манфаатлари йўлида журналистик кузатувни давом эттиради!

Самарқанд шаҳридаги «Нурли йўл» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида амалга оширилаётган реновация ишлари, инвестиция маблағларининг сарфланиши, аҳоли розилиги ва уй-жой мулкдорларининг қонуний ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар Расмий ОАВ — HAQIQAT.UZ таҳририятининг доимий журналистик ўрганишида қолмоқда.

Таҳририятга мазкур маҳалла аҳолисидан бир неча бор мурожаатлар келиб тушгани муносабати билан ижодий жамоамиз томонидан ҳудудга бир неча маротаба чиқилиб, аҳоли иштирокида журналистик ўрганиш ва очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Ушбу жараёнларда масъул «Самарқанд Инвест» компанияси вакиллари ҳамда Самарқанд шаҳар прокуратурасининг масъул ходимлари билан ҳам очиқ мулоқотлар ташкил этилди.

Бироқ аҳоли томонидан кўтарилган қатор масалалар ҳанузгача ўзининг тўлиқ ва ижобий ечимини топмагани ҳақида мурожаатлар давом этмоқда.

АҲОЛИНИНГ ҚАНДАЙ САВОЛЛАРИ ЖАВОБСИЗ ҚОЛМОҚДА?

Журналистик ўрганиш жараёнида аҳоли томонидан қуйидаги масалалар кўтарилган:

- Реновация ишларига аҳолининг 80 фоизи розилик билдиргани ҳақидаги маълумот қайси ҳужжатлар билан тасдиқланган?

- Ҳар бир мулкдор билан қонуний келишувлар тузилганми? - Уй-жойлари бузилган айрим фуқароларга компенсация тўловлари тўлиқ амалга оширилганми?

- Ижтимоий ёрдамга муҳтож, уй-жойсиз қолган фуқароларнинг тақдири қандай ҳал этилмоқда?

- «Самарқанд Инвест» компаниясига ажратилгани айтилаётган 20 миллион АҚШ доллари қайси ишларга сарфланган?

- Бажарилган ишлар ва инвестиция маблағлари бўйича расмий ҳисобот қаерда?

Таҳририятга тақдим этилган маълумотларга кўра, айрим фуқароларнинг уй-жойлари компенсация масаласи ҳал этилмасдан бузиб юборилгани, уларнинг муносиб турар жой билан таъминланмагани ҳақида жиддий эътирозлар мавжуд.

Шунингдек, айрим мулкдорларга нисбатан судга даъво аризалари киритилаётгани ва аҳоли билан ўзаро келишувга эришиш масаласи ҳамон долзарб бўлиб қолаётгани билдирилмоқда.

Мазкур ҳолатлар бўйича таҳририят ҳеч бир томоннинг айбдорлиги ҳақида олдиндан хулоса чиқармайди.

Ҳар бир маълумот тегишли ҳужжатлар ва расмий муносабатлар асосида текширилиши лозим.

ҲИСОБ ПАЛАТАСИГА РАСМИЙ ЖУРНАЛИСТИК СЎРОВНОМА ЮБОРИЛДИ

Мазкур масалаларнинг долзарблигини инобатга олиб,ОАВ HAQIQAT.UZ таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига расмий журналистик сўровнома йўллади.

Сўровномада қуйидаги масалаларни ваколат доирасида ўрганиш сўралди:

1. «Самарқанд Инвест» компаниясига ажратилгани айтилаётган 20 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағнинг ҳуқуқий ва молиявий асослари.

2. Ушбу маблағнинг қанча қисми «Нурли йўл» МФЙ ҳудудига йўналтирилгани.

3. Давлат маблағлари ва инвестиция ресурсларининг мақсадли сарфланиши.

4. Реновация ишлари бўйича бажарилган ишлар ва молиявий ҳисоботлар.

5. Аҳолининг 80 фоизлик розилиги ҳақидаги маълумотларнинг ҳужжатлар билан тасдиқланганлиги.

6. Компенсация тўловлари ҳал этилмаган фуқароларнинг ҳолати.

7. Мазкур лойиҳа бўйича давлат молиявий назорати ёки аудит ўтказилган-ўтказилмагани.

Таҳририят Ҳисоб палатасидан ушбу ҳолатларни ўз ваколатлари доирасида ўрганиш, зарур деб топилса, тегишли назорат тадбирлари ўтказиш ва қонунчиликда ошкор этилиши мумкин бўлган натижалар ҳақида ахборот беришни сўради.

ЖУРНАЛИСТИК КУЗАТУВ ВА НАЗОРАТ ДАВОМ ЭТАДИ!

Ҳурматли ўқувчилар!

ОАВ HAQIQAT.UZ таҳририяти ушбу сўровнома юборилиши билан журналистик ўрганишни якунланган деб ҳисобламайди.

Аксинча, Ҳисоб палатасига йўлланган расмий сўровноманинг қабул қилиниши, рўйхатдан ўтказилиши, кўриб чиқилиши ва унга белгиланган тартибда жавоб берилиши жараёни таҳририят томонидан алоҳида назорат қилиб борилади.

Сўровномага жавоб келиб тушганидан сўнг, ундаги маълумотлар аҳоли мурожаатлари, мавжуд ҳужжатлар ва бошқа ваколатли ташкилотларнинг расмий муносабатлари билан солиштириб ўрганилади.

Агар сўров бўйича қўшимча ўрганиш талаб этилса, Ҳисоб палатасидан бу ҳақда расмий ахборот бериш ва кўриб чиқиш натижаларини маълум қилиш сўралади.

Ўзбекистон Республикасининг «Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги ЎРҚ-546-сон Қонунида Ҳисоб палатаси фаолиятининг очиқлик ва шаффофлик принциплари, давлат органлари ва ташкилотлар билан ахборот алмашиш ҳамда ўз ваколатлари доирасида назорат тадбирларини амалга ошириш масалалари белгиланган.

БОШ МУҲАРРИР МИНБАРИДАН

Давлат маблағи — халқ манфаати учун ажратиладиган маблағ.

Реновация — аҳоли турмушини яхшилаш, замонавий турар жойлар барпо этиш ва инсон қадрини таъминлашга хизмат қилиши керак.

Шу боис ҳар бир ажратилган маблағ, ҳар бир қурилиш объекти ва ҳар бир фуқаронинг мулкий ҳуқуқи қонун доирасида ҳимоя қилиниши шарт.

Биз мутасадди ташкилотлардан бирор бир асоссиз айбловни эмас, балки ҳужжатларга асосланган очиқ ва холис жавобни кутамиз.

HAQIQAT.UZ таҳририяти «Нурли йўл» МФЙ аҳолисининг мурожаатлари бўйича журналистик ўрганишни,Ҳисоб палатасига юборилган сўровнома ижросини ва расмий жавоблар назоратини давом эттиради!

ҲАҚИҚАТНИ АНИҚЛАШ — МАҚСАДИМИЗ! ҚОНУН — МЕЗОНИМИЗ!

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ — БУРЧИМИЗ!

Расмий ОАВ — HAQIQAT.UZ Бош муҳаррир: Ҳамид Сулаймонов