ҚАШҚАДАРЁДАГИ ЕР МОЖАРОСИ: Президент талаблари нега писанд қилинмаяпти ёки 8 миллиард сўмлик бюджет маблағлари қаерга кетди?
Жамоатчилик назорати ва журналистик суриштирув:
Давлатимиз раҳбари томонидан «Ҳеч бир ҳоким фуқаронинг розилигисиз унинг уй-жойига тегинишга ёки бузишга ҳаққи йўқ», деб неча бор қатъий таъкидланган бўлса-да, Яккабоғ туманида бугун ҳам эскича муносабат, инсон ҳуқуқларини оёқости қилиш ва мулкдорларни огоҳлантирмасдан ерларини аукционга сотиб юбориш ҳолатлари давом этмоқда.

Ўн йилдан бери сарсон қилинган фуқароларнинг мурожаати ортидаги миллиардлаб сўмлик маблағлар тақдири эса ҳануз сирли қолаётгани жамоатчиликни ҳақли равишда гумонга қўймоқда.

Қонун устуворми ёки мансабдорларнинг ўзбошимчалиги?
Янгиҳаёт маҳалла фуқаролар йиғонида яшовчи фуқаролар Зайниддин Хушвақов ва Назар Шукуровларнинг таҳририятимизга тақдим этган ҳужжатлари, суд-қурилиш техника экспертизаси хулосалари ва Олий судга йўлланган мурожаатномаларини кўздан кечирар эканмиз, биргина туман миқёсида қонунчилик қандай қилиб оёқости қилинаётганига гувоҳ бўламиз.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг тегишли хулосаларида ҳам қора муҳр билан тасдиқланганидек, фуқароларга тегишли ер майдонлари ва турар жойлар ҳеч қачон қонуний тартибда ҳокимият захирасига олинмаган.
Шунга қарамай, уларнинг бир умрлик қонуний мулки бўлган ерлар гўёки бўш ер сифатида «электрон-онлайн аукцион» савдоларига чиқарилиб юборилган.
Энг даҳшатлиси — мулкдорлар бу ҳақда ҳатто огоҳлантирилмаган ҳам!
Ўз уйида тинч яшаётган одам бир куни келиб ўз ер майдони бошқа бировга электрон аукцион орқали сотиб юборилганидан хабар топмоқда.
Маҳаллий суд инстанциялари эса бу очиқдан-очиқ ҳуқуқбузарликларга кўз юмиб, фуқароларнинг ҳақли эътирозларини рад этиб келмоқда.
Олий Суднинг қарорлари ва кўрсатмалари ҳам маҳаллий раҳбарият томонидан писанд қилинмаётгани кимни ўйлантирмайди?!
8 миллиард сўм қаерга сарфланди? Саволлар очиқ қолмоқда!
Ҳужжатлар орасидаги яна бир эътиборни тортадиган рақамлар жамоатчиликни жиддий ўйланишга мажбур қилади:
Қашқадарё вилояти ҳокимининг 2016 йилдаги қарорлари ва автомобил йўли қурилиши муносабати билан бузилишга тушган фуқароларнинг уй-жойлари учун давлат томонидан 8 308 692 174 (саккиз миллиард уч юз саккиз миллион олти юз тўқсон икки минг бир юз етмиш тўрт) сўм маблағ ажратилгани кўрсатилган.
Бироқ, айнан шу жараёнда ҳужжатларда кўрсатилган компенсация қиймати 6 906 012 567 сўмни ташкил этгани ҳолда, орадаги катта фарқдаги миллиардлаб маблағлар қаерга кетди?
Давлат бюджетидан ажратилган саккиз миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари аслида қайси мақсадларга сарфланди? Қанча фуқаронинг розилик тилхати олинган ёки бундай маблағлар кимларнинг чўнтагига сингиб кетган?

Президентимиз ҳар бир сўм бюджет маблағлари ҳисоб-китобли бўлиши ва аҳолининг розилиги биринчи ўринда туриши кераклигини қатъий талаб қилиб келаётган бир пайтда, Яккабоғ туманидаги бу каби яширин ва шафқатсиз ўйинлар кимнинг манфаатларига хизмат қилмоқда? Жамоатчилик назорати остидаги талаб:
Расмий жавоб кутамиз!
Биз Президентимизнинг «Аҳолини рози қилиш — давлат сиёсатининг энг устувор вазифасидир, ҳеч кимнинг фуқарони розилигисиз кўчага ҳайдаб чиқаришга ёки мулкини тортиб олишга ҳаққи йўқ» деган тамойилини қатъий равишда эслатиб ўтамиз.
«OAV HAQIQAT UZ» таҳририяти жамоатчилик номидан ва кучли журналистик назорат остида масъул идораларга мурожаат қилади:
