ПРЕЗИДЕНТ ИШОНЧИ — ЖУРНАЛИСТ УЧУН ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ! ҲАҚИҚАТНИ АЙТИШДАН ҚЎРҚМАЙДИГАН, АДОЛАТ ВА ВАТАН МАНФААТИНИ ҲИМОЯ ҚИЛАДИГАН ОАВ — ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИНИНГ МУҲИМ ТАЯНЧИДИР!

Бугунги тезкор ахборот асрида оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, масъулияти ҳамда давлат ва халқ ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлашдаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Президентимиз томонидан оммавий ахборот воситалари, журналистлар фаолияти, сўз эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик масалаларига қаратилаётган эътибор, журналистик фаолиятга билдирилаётган талабчан муносабат ва ишонч соҳа вакилларини янада фаол, ташаббускор ва масъулиятли бўлишга ундайди.

Бу — журналистлар учун нафақат юксак эътироф, балки катта масъулият ҳамдир. Зеро, ҳақиқий журналистнинг вазифаси фақат воқеаларни хабар қилишдан иборат эмас.

У жамиятдаги муаммоларни холис ёритиши, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши, давлат идоралари ва халқ ўртасида очиқ мулоқотга кўмаклашиши, энг муҳими, ҳар қандай вазиятда ҳақиқат ва қонун мезонларига таяниши лозим.

ОЧИҚЛИК — ИШОНЧНИНГ, ОШКОРАЯЛИК — ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУҲИМ ШАРТИДИР!

Бугун интернет ва жаҳон ахборот майдонининг кенгайиши натижасида юртимизнинг энг олис ҳудудларида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар, аҳолини ўйлантираётган ижтимоий масалалар ва фуқаролар мурожаатларини кенг жамоатчилик эътиборига етказиш имконияти мавжуд.

Бу имкониятдан самарали фойдаланиш эса ҳар бир ОАВ вакилидан билим, тажриба, ҳуқуқий саводхонлик ва юксак касбий одобни талаб этади.

Биз, журналистлар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Президентимиз томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсат, тинчлик, барқарорлик, халқаро ҳамкорлик ва тараққиётга қаратилган ташаббусларни холис ахборот билан жамоатчиликка етказишни ўз касбий бурчимиз деб биламиз.

Айни пайтда, бу жараёнда жамиятдаги мавжуд муаммоларни ҳам четлаб ўтиш мумкин эмас. Чунки ҳақиқий қўллаб-қувватлаш — фақат мақтов эмас, балки ислоҳотлар самарадорлигига тўсқинлик қилаётган камчиликларни қонуний, холис ва далилларга асосланган ҳолда кўрсата билишдир.

ЖУРНАЛИСТ ҚАЛАМИ — ҲАҚИҚАТ ВА АДОЛАТ ХИЗМАТИДА БЎЛИШИ КЕРАК!

ОАВ HAQIQAT.UZ таҳририяти сифатида биз бир муҳим тамойилга амал қиламиз: фуқаронинг мурожаати — журналистик ўрганиш учун асос, аммо ҳар қандай хулоса ҳужжат, факт, расмий муносабат ва холис журналистик текширув билан тасдиқланиши шарт.

Ҳеч бир ташкилот, мансабдор шахс ёки фуқаро текширилмаган маълумотлар асосида айбдор сифатида кўрсатилмаслиги керак.

Биз учун қонун устуворлиги, журналистик холислик, сўз эркинлиги ва инсон қадри энг муҳим мезонлардир. Президентимиз томонидан илгари сурилаётган очиқлик, ошкоралик ва халқ билан мулоқот тамойиллари амалда янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшиш ҳар бир виждонли журналистнинг фуқаролик позицияси бўлиши лозим.

Биз Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, жамиятда адолат ва қонун устуворлиги қарор топиши йўлида холис қалам тебратишни шарафли бурч деб биламиз.

БИЗНИНГ МАҚСАДИМИЗ — КИМНИДИР ҚОРА ҚИЛИШ ЭМАС, ҲАҚИҚАТНИ АНИҚЛАШ!

Зеро, журналистнинг куч-қудрати унинг лавозимида ёки баландпарвоз сўзларида эмас, балки қаламига бўлган ишонч, келтирган далиллари ва жамият олдидаги масъулиятидадир.

Президент ишончига муносиб бўлиш, Ватан манфаатларига садоқат билан хизмат қилиш, халқ дардини эшитиш ва ҳақиқатни қонун доирасида дадил ёритиш — биз танлаган йўлдир.

Ҳурмат билан, Хамид Сулаймон Расмий ОАВ HAQIQAT.UZ ахборот-таҳлилий интернет нашри Бош муҳаррири