ПРЕЗИДЕНТ ЭЪТИБОРИГА! САМАРҚАНД ШАҲРИДАГИ «НУРЛИ ЙЎЛ» МФЙ АҲОЛИСИНИНГ ОВОЗИ НЕГА РЕСПУБЛИКА ДАРАЖАСИДА ЭШИТИЛМАЯПТИ? «САМАРҚАНД ИНВЕСТ» КОМПАНИЯСИ БИЛАН БОҒЛИҚ УЙ-ЖОЙ МАСАЛАСИ: БУЗИЛГАН ХОНАДОНЛАР, НОРОЗИ АҲОЛИ ВА ЖАВОБСИЗ ҚОЛАЁТГАН САВОЛЛАР

«Бош муҳаррир минбаридан» Самарқанд шаҳридаги «Нурли йўл» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида уй-жойлар бузилиши ва аҳолининг яшаш шароити билан боғлиқ юзага келган вазият жамоатчилик эътиборини талаб қиладиган жиддий масалалардан бирига айланмоқда.

Таҳририятимизга келиб тушган фуқаролар мурожаатлари, аҳоли билан ўтказилган юзма-юз суҳбатлар ҳамда жойига бир неча бор амалга оширилган журналистик ўрганишлар давомида бир қатор саволлар юзага келди.

Аҳолининг билдиришича, «Самарқанд Инвест» компанияси билан боғлиқ қурилиш ва ҳудудни қайта ривожлантириш жараёнлари уларнинг уй-жойи, яшаш шароити ва келажаги юзасидан жиддий эътирозларга сабаб бўлган.

Энг муҳими, фуқаролар ўзларини қийнаётган масалаларга қонуний, адолатли ва аниқ ечим топилишини кутмоқда.

БУ ЕРДА ГАП ФАҚАТ БУЗИЛГАН УЙЛАР ҲАҚИДА ЭМАС. ГАП ИНСОНЛАРНИНГ БОШПАНАСИ, ҚОНУНИЙ ҲУҚУҚЛАРИ, ОИЛАЛАР ТАҚДИРИ ВА ДАВЛАТГА БЎЛГАН ИШОНЧИ ҲАҚИДА КЕТМОҚДА! ЖУРНАЛИСТИК СУРИШТИРУВ ЎТКАЗИЛДИ. АҲОЛИНИНГ ОВОЗИ ЭШИТИЛДИ. ЭНДИ МАСЪУЛ ИДОРАЛАРНИНГ АНИҚ МУНОСАБАТИ ҚАЧОН БЎЛАДИ?

Расмий ОАВ — HAQIQAT.UZ ахборот-таҳлилий интернет нашри таҳририяти ушбу масалани эътиборсиз қолдирмади. Фуқароларнинг мурожаатлари асосида:

— «Нурли йўл» МФЙ ҳудудига бир неча бор борилиб, журналистик ўрганишлар олиб борилди;

— уй-жойлари бузилиши ва юзага келган вазиятдан норози бўлган аҳоли билан юзма-юз суҳбатлар ўтказилди;

— масъул идоралар вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди;

— аҳолининг фикр-мулоҳазалари, талаблари ва саволлари акс этган мақолалар ҳамда видео лавҳалар эълон қилинди;

— масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига расмий хат-сўров юборилди. Демак, бу шунчаки ижтимоий тармоқда тарқалган хабар ёки тасдиқланмаган айблов эмас.

Бу — фуқаролар мурожаати асосида журналистик эътибор қаратилган, ўрганилиши ва ваколатли идоралар томонидан ҳуқуқий баҳо берилиши зарур бўлган жамоатчилик масаласидир.

Бироқ асосий савол ҳамон очиқ қолмоқда: Нега ҳозирга қадар республика даражасида холис ва мустақил ўрганиш ташкил этилиб, аҳоли билан бевосита мулоқот ўтказилгани ҳақида жамоатчиликка аниқ маълумот берилмади?

ПРЕЗИДЕНТ АДМИНИСТРАЦИЯСИ ВА БОШ ПРОКУРАТУРА ЭЪТИБОРИГА: БИЗНИНГ САВОЛЛАРИМИЗ БОР!

Ҳурматли масъуллар! Биз қуйидаги саволларга қонуний тартибда аниқ ва асослантирилган жавоб олишни истаймиз: «Нурли йўл» МФЙ ҳудудидаги уй-жойларни бузиш ва ҳудудни қайта қуриш жараёнлари қайси қарорлар, лойиҳалар ва ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилган?

Ҳар бир хонадон бўйича мулкдорларнинг ҳуқуқлари, розилиги, компенсация ва муқобил уй-жой билан таъминлаш масалалари қонун талабларига мувофиқ ҳал этилганми?

Аҳолига таклиф этилган компенсация ёки бошқа ечимлар мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқларини тўлиқ таъминлайдими?

Уй-жойларни бузиш жараёнида амалдаги қонунчилик, мулк ҳуқуқи ва белгиланган тартиб-таомилларга риоя қилинганми?

«Самарқанд Инвест» компанияси билан боғлиқ ушбу лойиҳада давлат органлари, маҳаллий ҳокимлик ва бошқа масъул ташкилотларнинг вазифалари нималардан иборат бўлган?

Аҳолининг мурожаатлари бўйича Самарқанд вилоятидаги масъул идоралар томонидан қандай текширув ва амалий чоралар кўрилган?Республика даражасида идоралараро ишчи гуруҳ тузилиб, жойига чиқиб, ҳар бир мурожаатчи билан алоҳида суҳбат ўтказилиши режалаштирилганми?

Бу саволлар кимнидир олдиндан айбдор деб эълон қилиш учун эмас.

Аксинча, ҳар бир ҳолатга қонуний, холис ва шаффоф баҳо берилиши учун қўйилмоқда.

ҚОНУН НИМА ДЕЙДИ? ЖУРНАЛИСТ ВА ФУҚАРО ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАНГАНМИ? Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида эътироф этилган.

Конституциянинг 20-моддаси инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бевосита амал қилишини, қонунчиликдаги инсон билан давлат органлари ўртасидаги муносабатларга оид ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилишини белгилайди.

31-модда шахсий ҳаёт, уй-жой дахлсизлиги ва шахсий маълумотлар ҳимоясини кафолатлайди.

47-модда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Ҳеч ким суд қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас.

Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда уй-жой қиймати ҳамда кўрилган зарарнинг ўрни қопланиши кафолатланади.

55-модда ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқини беради.

Шунингдек, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун фуқаролар мурожаатларини қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқиш ва уларга асослантирилган жавоб бериш мажбуриятини белгилайди.

«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонун ҳамда «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун журналистнинг ахборот излаш, олиш ва тарқатиш, давлат органлари ва ташкилотларига сўровлар юбориш ҳамда жамоатчилик учун аҳамиятли масалаларни ёритиш ҳуқуқларини кафолатлайди.

Демак, журналистнинг саволига муносабат билдириш — бу кимнингдир шахсий хоҳиши эмас, балки қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар доирасида кўриб чиқилиши лозим бўлган масаладир.

НЕГА АҲОЛИ БИЛАН РЕСПУБЛИКА ДАРАЖАСИДА ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТ ЎТКАЗИЛМАЯПТИ?

Ҳурматли Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъуллари! Ҳурматли Бош прокурор ва прокуратура органлари вакиллари!

Агар фуқароларнинг мурожаатлари бўйича барча масалалар қонуний ҳал этилган бўлса, буни ҳужжатлар билан кўрсатиш, аҳолига тушунтириш ва жамоатчиликка маълум қилиш мумкин.

Агар эса айрим ҳолатларда қонунбузилиш аломатлари аниқланса, уларга нисбатан қонун доирасида чора кўрилиши лозим.

Нима учун республика даражасидаги масъул вакиллар жойига чиқиб, аҳолининг ўзидан ҳолатни эшитмайди?

Нима учун ҳар бир хонадоннинг ҳужжатлари, мулк ҳуқуқи ва компенсация масалалари алоҳида ўрганилмайди?

Нима учун фуқароларнинг эътирозлари юзасидан очиқ, шаффоф ва асослантирилган ахборот берилмайди? Биз ушбу саволларга жавоб кутаяпмиз.

ПРЕЗИДЕНТГА МУРОЖААТ: НУРЛИ ЙЎЛ АҲОЛИСИНИНГ ОВОЗИНИ ЭШИТИНГ!

Ҳурматли Президент!

Самарқанд шаҳридаги «Нурли йўл» МФЙ аҳолиси мурожаатлари юзасидан юзага келган вазиятни Сизнинг эътиборингизга ҳавола этамиз.

Сиз томонингиздан мамлакатимизда инсон қадри, аҳоли манфаатлари, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши экани кўп бор таъкидланган.

Биз ҳам айнан шу тамойилларга таянган ҳолда ушбу масалага республика даражасида эътибор қаратилишини сўраймиз. Қуйидаги масалаларни кўриб чиқишингизни сўраймиз:

— Президент Администрацияси назорати остида тегишли республика идоралари вакилларидан иборат холис ишчи гуруҳ ташкил этиш;

— ишчи гуруҳнинг «Нурли йўл» МФЙ ҳудудига чиқиб, аҳоли билан бевосита учрашув ўтказишини таъминлаш;

— «Самарқанд Инвест» компанияси билан боғлиқ лойиҳанинг ҳуқуқий асосларини, ер ва мулк ҳужжатларини, уй-жойларни бузиш жараёнини, компенсация ва муқобил уй-жой масалаларини ҳар бир хонадон кесимида ўрганиш;

— аҳолининг мурожаатлари ва таҳририятнинг расмий хат-сўровлари юзасидан Бош прокуратура томонидан қонуний тартибда текширув ўтказилишини таъминлаш;

— текширув натижалари бўйича аҳолига ва жамоатчиликка асослантирилган расмий ахборот бериш.

HAQIQAT.UZ ПОЗИЦИЯСИ: БИЗ АЙБДОР ИЗЛАМАЙМИЗ, ҲАҚИҚАТНИ ИЗЛАЙМИЗ!Расмий ОАВ — HAQIQAT.UZ ахборот-таҳлилий интернет нашрининг асосий мақсади кимнидир қоралаш, ташкилот ёки мансабдор шахсни асоссиз айблаш эмас.

Бизнинг вазифамиз — фуқаролар мурожаатларини эшитиш, уларни ҳужжатлар асосида ўрганиш, масъул ташкилотлар муносабатини олиш ва жамоатчиликка холис ахборот етказиш.

Шу боис «Самарқанд Инвест» компанияси раҳбариятига ҳам очиқ мурожаат қиламиз: аҳолининг саволлари ва эътирозларига расмий муносабат билдиринг.

Лойиҳанинг ҳуқуқий асослари, мулкдорлар билан келишувлар ва компенсация масалалари юзасидан жамоатчиликка тушунтириш беринг.

Шунингдек, Самарқанд шаҳар ва вилояти ҳокимлиги, тегишли кадастр, қурилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ҳам ўз ваколатлари доирасида муносабат кутиб қоламиз.

Биз ҳар қандай расмий муносабат ва тақдим этилган ҳужжатларни холислик билан ўрганишга тайёрмиз.

Чунки ҳақиқат бир томоннинг гапи билан эмас, ҳужжат, далил, қонун ва холис текширув билан аниқланади.

ХАЛҚНИНГ СЎНГГИ УМИДИ АДОЛАТДАН!

«Нурли йўл» МФЙ аҳолисининг мурожаати — бу шунчаки бир маҳалланинг муаммоси эмас.

Бу инсон қадри, мулк дахлсизлиги, давлат идораларининг масъулияти ва фуқаролар овозига муносабат масаласидир.

Аҳоли ўз уйи, ўз келажаги ва фарзандларининг тақдири учун жавоб изламоқда.

Бугун уларнинг саволи битта: «Бизни ким эшитади? Қонуний ҳуқуқларимиз ким томонидан ҳимоя қилинади?»

Умид қиламизки, ушбу очиқ журналистик мурожаат ва жонли видео мулоқот Ўзбекистон Республикаси Президенти эътиборига етиб боради.

Масала юзасидан республика даражасида холис ишчи гуруҳ ташкил этилиб, аҳоли билан бевосита мулоқот ўтказилади ва қонуний ечим топилади.

Зеро, давлатнинг кучи — фуқаросининг розилигида, адолатнинг кучи эса қонун устуворлигидадир.

ХАЛҚНИНГ ОВОЗИ ЭШИТИЛИШИ КЕРАК! ФУҚАРОНИНГ ҲУҚУҚИ ҲИМОЯ ҚИЛИНИШИ КЕРАК! ҲАР БИР МУРОЖААТГА ҚОНУНИЙ ЖАВОБ БЎЛИШИ КЕРАК!

YouTubeYouTube