ОДДИЙ ҲАМШИРАНИ ҚУРБОН ҚИЛИБ, АСЛ АЙБДОРЛАРНИ ЯШИРАЁТГАН КИМ?!
ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ: ОШКОРАЛИК ВА АДОЛАТ ТАЛАБИ! ТИЗИМЛИ ТИЛ БИРИКТИРУВ КЎЗ КЎРИБ, ҚУЛОҚ ЭШИТМАГАН СУДБОЗЛИК: ОАВ «Haqiqat.uz» интернет – нашр таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош Прокурор ва Олий Суд Раисига РАСМИЙ СЎРОВНОМА КИРИТДИ! Андижоннинг Шаҳрихон туманида юз берган мудҳиш фожиа — оғир туғма юрак нуқсони бўлган гўдакнинг шифохонада вафот этиши ортидаги сирли пардалар очилмоқда. ОАВ «Haqiqat.uz» ижодий жамоаси жойига чиқиб, воқеа гувоҳлари, шифокор ва маҳкум этилган ҳамшира билан юзма-юз суҳбат ўтказди. Аниқланган ҳақиқатлар шуни кўрсатдики, дастлабки терговдан бошлаб то суд ҳукмигача бўлган жараёнда катта тизимли тил бириктирув амалга оширилган! Таҳририят ушбу суриштирув бўйича тўпланган барча далиллар ва видеоматериалларни илова қилган ҳолда юртимизнинг энг юқори одил судлов инстанцияларига расмий мурожаат йўллади. Қуйида ушбу таҳлилий суриштирувнинг энг шов-шувли нуқталарини ошкор қиламиз: 1. ССВ МАКСУС КОМИССИЯСИНИНГ ФАКТЛАРИ: АСЛ АЙБ ШИФОКОРДА ЭКАНИ ТАСДИҚЛАНГАН! Суриштирув давомида энг асосий ҳужжат — Соғлиқни сақлаш вазирлиги Махсус комиссиясининг расмий далолатномаси ўрганилди.Унга кўра: Поликлиника мудири, шифокор Сайёра Мадаминова бемор боланинг умумий аҳволини текширмай, тиббий баённомаларни қўпол бузиб, оддий қоғозга ноқонуний рецепт ёзиб берган. Шифокор дорини қўллашдан олдин синама (проба) қилиш кераклигини рецептда кўрсатмаган ва ҳамширани огоҳлантирмаган. Экспертлар хулосасига кўра, юборилган дори воситаси боланинг мавжуд оғир юрак етишмовчилиги касаллиги туфайли ўлимга мойиллик яратган бўлиши мумкин. Хулоса: Ҳамшира Умида Андаева фақат шифокор берган кўрсатма (рецепт) асосида муолажани бажарган, холос! 2. ТЕРГОВЧИНИНГ ШУБҲАЛИ МАНЕВРИ: ҲАМШИРА АЛДОВ ЙЎЛИ БИЛАН ҲИМОЯСИЗ ҚОЛДИРИЛГАН ! Журналистик суриштирув давомида тергов органи томонидан амалга оширилган даҳшатли процессуал қонунбузилиш фош этилди. Терговчи иш бошидан ҳамшира У.Андаевани айбдор қилиш режаси бўла туриб, унга гумонланувчи мақомини бермаган. "Йўқ, сизни айбламаяпман, сизни фақат гувоҳ сифатида сўроқ қиляпман" дея алдов йўли билан адвокатсиз, ҳеч қандай ҳуқуқий ҳимоясиз ундан кўрсатмалар олиб, "ўз ишини битириб" олган! Оқибатда, ЖПКнинг энг асосий принципи — «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминлаш» (24-модда) талаблари топталган. Ҳамшира ўз ҳуқуқларини билмаган ҳолатда тергов тузоғига туширилган! 3. АДОЛАТСИЗЛИК ЧЎҚҚИСИ: ШИФОКОР ЧЕТДА, 3 БОЛАЛИ ОНА ЭСА МАҲКУМ! Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман суди ва Андижон вилоят суди апелляция инстанцияси кўр-кўрона иш тутди: Суд ЖПКнинг 22-моддаси талабларини бузиб, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлашни рад этди. Асосий айбдор шифокор С.Мадаминова қолиб, барча айбни оддий ҳамширага ағдаришди. ЖПК 417-моддасига асосан ишни ҳақиқий айбдорни жавобгарликка тортиш учун прокурорга қайтариш рад этилди. Натижада, қарамоғида 3 нафар вояга етмаган фарзанди, атиги 1,5 ёшли эмизикли гўдаги бўлган оддий ҳамшира 3 йилга озодликни чеклаш жазосига маҳкум қилинди! Катта шифокорлар ва тизим раҳбарлари эса сувдан қуруқ чиқишди! ТАҲРИРИЯТНИНГ ОЛИЙ ИНСТАНЦИЯЛАРДАН ТАЛАБИ: ОАВ «Haqiqat.uz» ижодий жамоаси ушбу адолатсизликка жим қараб тура олмайди! Биз юқори турувчи органлардан қуйидагиларни талаб қилиб расмий сўровнома юбордик: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан: Терговдаги қўпол қонунбузилишлар ва шифокор С.Мадаминованинг жавобгарликдан қочирилгани юзасидан Олий судга хусусий протест киритишини; Ўзбекистон Республикаси Олий судидан: Жиноят ишини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиб, ноҳақ айбланган, тизим қурбони бўлган ҳамшира Умида Андаевани тўлиқ оқлашини; Муҳтарам Президентимиз ва Саида Шавкатовна Мирзиёевадан: Юртимизда тиббиёт соҳасида меҳнат қилаётган оддий хотин-қизлар ҳуқуқлари поймол этилишига чек қўйиш ва ушбу ишни шахсий назоратга олишларини сўраймиз! Суриштирув давомида ёзиб олинган даҳшатли видеофактлар, шифокор ва ҳамширанинг юзма-юз мулоқотлари яқин соатларда Расмий ОАВ www.haqiqattv.uz haqiqat.uz веб-сайтимиз ва “HAQIQAT.UZ“ ОАВ YouTube каналимизда чоп этилади. Ҳамид Сулаймон Расмий ОАВ HAQIQAT.UZ интернет – нашр таҳририяти Бош Муҳаррири Бизни кузатишда давом этинг! Бизнинг расмий электрон манзиллар: Веб-сайт: www.haqiqat.uz | www.haqiqattv.uz Telegram канал: @haqiqatuz_uz Мурожаат,таклиф ва ахборот ҳамкорлик учун: Қуйидаги: @HAQIQAT_MEDIA_UZ телеграм профилимизга ҳатларингизни йўллашингиз мумкин !