«НУРЛИ ЙЎЛ» МАҲАЛЛАСИДА РЕНОВАЦИЯ ЖАРАЁНИ

Расмий ОАВ HAQIQAT.UZ ахборот портали жойларга чиқиб, аҳоли мурожаатлари ижросини мониторинг қилишда давом этмоқда Ассалому алайкум, расмий ОАВ HAQIQAT.UZ ахборот портали ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини мунтазам кузатиб бораётган қадрли обуначилар!

Сўнгги ойларда Самарқанд шаҳридаги «Нурли йўл» маҳалласи ҳудудида амалга оширилаётган реновация жараёни, аҳолининг уй-жой масалалари, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек, белгиланган ишлар ижроси жамоатчилик эътиборида бўлиб келмоқда. Мазкур масала юзасидан HAQIQAT.UZ таҳририяти томонидан бир неча маротаба жойига чиқиб, аҳоли ва масъул ташкилотлар вакиллари билан суҳбатлар ўтказилди, журналистик материаллар ҳамда видеолавҳалар тайёрланиб, жамоатчиликка тақдим этилди.

Шу билан бирга, фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Бош прокуратура ҳамда бошқа ваколатли давлат органларига йўлланган мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг қонуний тартибда кўриб чиқилиши ва амалий ижроси юзасидан ҳам жамоатчиликда қатор саволлар мавжуд.

МУРОЖААТЛАР ИЖРОСИ ҚАНДАЙ НАЗОРАТ ҚИЛИНМОҚДА? Айнан шу мақсадда HAQIQAT.UZ таҳририяти мазкур ҳудудга яна бир бор жойига чиқиб, аҳоли ва масъуллар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Журналистик мониторинг давомида фуқароларнинг фикр ва эътирозлари эшитилди. Шунингдек, маҳаллий прокуратура ҳамда реновация жараёнига масъул ташкилот вакилларининг позицияси ва тушунтиришлари олинди.

Таҳририят учун асосий масала — муайян шахс ёки ташкилот фаолиятига баҳо бериш эмас, балки аҳоли мурожаатларида кўтарилган масалаларнинг қонунчилик талаблари асосида кўриб чиқилиши, берилган топшириқлар ижросининг таъминланиши ва фуқароларга асосланган жавоблар тақдим этилишини жамоатчиликка очиқ кўрсатишдан иборат. АҲОЛИ РОЗИЛИГИ ВА РЕНОВАЦИЯ ТАЛАБЛАРИ Реновация жараёнида энг муҳим масалалардан бири — аҳолининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари қандай таъминланаётганидир. Шу муносабат билан жамоатчилик учун бир қатор саволлар долзарб бўлиб қолмоқда: — реновация жараёнида ҳудуд аҳолисининг розилиги қай тартибда аниқланган? — аҳолига лойиҳа, уни амалга ошириш тартиби ва шартлари тўғрисида қандай маълумотлар берилган? — уй-жойларни бузиш ва янги уй-жой билан таъминлаш жараёнлари қайси ҳуқуқий асосларга таянилмоқда? — мулкдорлар билан келишувлар қандай тартибда амалга оширилмоқда? — компенсация ва бошқа қонуний кафолатлар қай тартибда таъминланмоқда? — реновация жараёнида аҳолининг мурожаат ва эътирозлари қандай ўрганилмоқда? — масъул ташкилотлар томонидан аҳолига берилган ваъдаларнинг ижроси қай даражада таъминланган? Бу саволларга аниқ ва расмий жавоблар берилиши жамоатчилик ишончини таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. БУГУН СОАТ 21:30 ДА — ОЧИҚ МУЛОҚОТ Шу муносабат билан бугун соат 21:30 да расмий ОАВ HAQIQAT.UZнинг «HAQIQAT.UZ Жаҳон очиқ ахборот» YouTube каналида «Нурли йўл» маҳалласи аҳолисининг мурожаатлари юзасидан жонли очиқ мулоқот ўтказилади. Мулоқот давомида реновация жараёнига оид жамоатчиликни қизиқтираётган масалалар, аҳоли мурожаатлари, масъул ташкилотларнинг муносабати ва мавжуд саволларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилинади. Хусусан, реновация жараёнида аҳоли розилиги масаласи, қонуний асослар, уй-жой ва мулк ҳуқуқлари, компенсация, мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда масъул ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан очиқ фикр алмашилади.

ҲАҚИҚАТНИ АНИҚЛАШ — ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИНИНГ МУҲИМ ЙЎНАЛИШИ HAQIQAT.UZ таҳририяти ўз журналистик фаолиятида давлат органлари ва масъул ташкилотларнинг расмий муносабатларини ҳам очиқ манбалар асосида жамоатчиликка етказиш тамойилига амал қилади.

Таҳририятнинг мақсади — масалага бир томонлама ёндашиш эмас, балки аҳоли мурожаатлари билан бир қаторда масъул ташкилотларнинг расмий позицияси, ҳуқуқий асослари ва амалга оширилаётган чора-тадбирларни ҳам жамоатчилик эътиборига холисона тақдим этишдир. Агар жараёнда аниқланган ҳолатлар бўйича қўшимча расмий маълумотлар тақдим этилса, HAQIQAT.UZ уларни ҳам белгиланган тартибда жамоатчиликка етказишга тайёр.

Чунки ҳар қандай реновация жараёнида энг муҳим мезонлардан бири — қонун устуворлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, очиқлик ва масъулиятдир.

Жамоатчилик саволи очиқ: «Нурли йўл» маҳалласида реновация жараёни қонунчилик талаблари ва аҳоли манфаатлари асосида қай даражада амалга оширилмоқда? Бу саволга жавобни жойидаги ҳолат, аҳоли фикри ва масъул ташкилотларнинг расмий муносабати асосида биргаликда кузатамиз. Бугун соат 21:30 да — HAQIQAT.UZ YouTube каналида очиқ мулоқот. Расмий ОАВ HAQIQAT.UZ — очиқлик, қонунийлик ва жамоатчилик назорати тарафдори.