Когон шаҳар ҳокимлиги Президентнинг "Очиқлик сиёсати"га қарши чиқмоқдами?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат идораларининг халқ олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш, коррупцияни жиловлаш ва ОАВни том маънода "тўртинчи ҳокимият"га айлантириш бўйича изчил ислоҳотларни амалга ошириб келмоқда. Бироқ, жойларда ҳали ҳам эскича фикрлайдиган, жамоатчилик назоратидан чўчийдиган ва давлат органларини "ёпиқ зона"га айлантиришга уринадиган мансабдорлар учраб турибди. Бунга яққол мисол – Бухоро вилояти Когон шаҳар ҳокимлиги ва унинг Ахборот хизмати раҳбарияти фаолиятида кузатилган салбий ҳолатдир. "Haqiqat.uz" электрон ОАВ ижодий жамоаси ва "Bukhara best" ОАВ раҳбарияти Бухоро вилояти туман ва шаҳарларида "Қурилиш, бунёдкорлик ҳамда ободонлаштиришга бўлган эътибор ва маблағларнинг мақсадли сарфланиши" мавзусида холис кўрсатувлар тайёрлаб келмоқда. Навбатдаги тасвирга олиш жараёнини ташкил этиш мақсадида Когон шаҳрида бўлган журналистлар давлат органининг кутилмаган ва тушунарсиз қаршилигига дуч келдилар. Воқеалар ривожи қуйидагича бўлди: Журналистлар қонунчиликда белгиланган тартибда ахборот олиш ва жараённи мувофиқлаштириш учун 6 ва 7 октябрь кунлари ҳокимлик Ахборот хизмати раҳбари М. Нарзуллоев ҳамда ҳокимнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари А. Рахимов билан боғланишга ҳаракат қилишган. Бироқ, масъулларнинг телефонлари жавоб бермаган. 7 октябрь куни соат 10:57 да Когон шаҳар ҳокими М. Тўрабоев билан боғланиб ҳолат тушунтирилганда, ҳоким вазиятга матбуот котиби жалб этилишини таъкидлаган. Бироз ўтгач, Ахборот хизмати раҳбари М. Нарзуллоев қўнғироқ қилиб, ўзи тез орада етиб келишини айтиб, ишни Ободонлаштириш бўлими бошлиғи билан бошлаб туришни сўраган. Аммо бу ваъда қуруқ сўз бўлиб чиқди: матбуот котиби манзилга келмади ва кейинчалик қўнғироқларга умуман жавоб бермай, журналистларни ҳокимият биноси олдида сарсон қилди. Энг ҳайратланарли ва ачинарли ҳолат соат 12:00 да, Когон шаҳар ҳокими М. Тўрабоевнинг шахсан ўзи билан учрашилганда юз берди. Журналистлар қурилиш объектларининг жойлашуви ва улар ҳақидаги расмий маълумотларга эга эмасликларини билдиришганда, шаҳар раҳбари давлат идорасининг очиқлик сиёсатига мутлақо зид бўлган оҳангда: "Менинг ўринбосарим интервью бермайди, нима қиласизлар Тошкент сайтларига чиқариб?" дея жавоб қайтарди. Бундай муносабат қонуний ва сиёсий жиҳатдан бир қанча жиддий саволларни келтириб чиқаради: Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4366-сонли Қарори билан давлат органларида Ахборот хизмати раҳбари лавозими айнан ОАВ ва жамият билан тизимли ҳамкорлик қилиш, очиқликни таъминлаш учун жорий этилган. Нега Когон шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби М. Нарзуллоев ўз оёғи билан келган журналистлардан қочиб юрибди? У ўз хизмат вазифасини фақат ҳокимнинг расмий учрашувларини суратга олиш деб тушунадими? Давлат бюджетидан маош олаётган ходимнинг бундай совуққонлиги қонун талабларини инкор этиш эмасми? Иккинчидан, шаҳар ҳокими М. Тўрабоевнинг ўз ўринбосарларига ОАВга интервью беришни чеклаб қўйиши ва "Тошкент сайтларига чиқариб нима қиласизлар" деб цензура ўрнатишга уриниши қайси ҳуқуқий нормага тўғри келади? Бу ҳаракат ортида Когон шаҳридаги қурилиш ва ободонлаштириш объектларидаги мавжуд камчиликларни, бюджет маблағларининг сарфланишини жамоатчилик кўзидан қасддан яшириш истаги ётгани йўқми? Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонун журналистларнинг ахборот излаши, олиши ва тарқатишини кафолатлайди. Давлат органлари фаолиятининг ёпиқлиги эса ижтимоий норозиликни келтириб чиқаради ва Президент ислоҳотларига нисбатан очиқдан-очиқ сиёсий саботаж ҳисобланади. Биз ушбу ҳолат юзасидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) каби юқори турувчи тегишли ташкилотлардан қатъий расмий муносабат кутиб қоламиз. Президент сиёсатига қарши бораётган,ОАВ вакилларининг қонуний касбий фаолиятига тўсқинлик қилаётган Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни қасддан бузаётган мансабдор шахсларнинг лавозимга лойиқлик масаласи жиддий кўриб чиқилиши шарт.

Шерзод Уралов, ОАВ "Haqiqat.uz"нинг

Бухоро вилояти бўйича махсус мухбири, "Bukhara best" ОАВ раҳбари.