ЖАСУР СУЯРОВГА ОЧИҚ МУРОЖААТ! СУДЬЯНИНГ МАҚОМИ — УСТУНЛИК ЭМАС, ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ ВА ЮКСАК ОДОБ МЕЗОНИДИР!

Ҳурматли Жасур Суяров! Аввало, Сизга бир масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларимни очиқ, холис ва самимий тарзда билдиришни лозим топдим.

Кечаги Сиз билан юзма юз очиқ қабулингиздаги мулоқот жараёни давомида юз берган ҳолатлар, хусусан, расмий оммавий ахборот воситаси бош муҳаррири сифатида мен билан бўлган мулоқотингиздаги айрим муносабат ва муомала оҳанги менда жиддий саволлар уйғотди.

Энг аввало, бир саволни ўртага ташламоқчиман: Судьяга кимдир фуқаролар, журналистлар ёки оммавий ахборот воситалари вакиллари билан қўпол, кескин ва ҳурмат доирасидан ташқарида мулоқот қилиш ваколатини берган?

Судьялик лавозими инсонга бошқалардан устунлигини намойиш қилиш, ўзини юқори тутиш ёки суҳбатдошига босим ўтказиш ҳуқуқини бермайди.

Аксинча, судьянинг мақоми ундан ҳар қандай вазиятда юксак муомала маданияти, босиқлик, сабр-тоқат, холислик ва касбий одобга риоя этишни талаб қилади.

Судья — нафақат қонунни қўлловчи шахс, балки давлат номидан адолат қарор топишига масъул бўлган инсон.

Шу боис унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ҳаракати ва фуқаролар билан муносабати суд ҳокимиятининг жамоатчилик олдидаги обрўсига бевосита таъсир кўрсатади.

ЖУРНАЛИСТГА НИСБАТАН МУОМАЛА — ЖУРНАЛИСТИКА ФАОЛИЯТИГА БЎЛГАН МУНОСАБАТНИ ҲАМ АНГЛАТАДИ.

Мен расмий ОАВ — HAQIQAT.UZ ахборот-таҳлилий интернет нашри бош муҳаррири сифатида суд жараёнида юз бераётган воқеаларни кузатиш, жамоатчилик учун аҳамиятли маълумотларни ўрганиш ва қонун доирасида ёритиш вазифасини бажараман.

Журналистнинг вазифаси кимнидир айблаш, шахсий муносабат билдириш ёки бирор шахс билан тортишиш эмас.

Журналист воқеликни ўз вақтида ўрганади, мавжуд ҳужжатлар ва фактларни таҳлил қилади, тегишли ташкилотларнинг расмий муносабатини олади ҳамда жамоатчилик эътиборига тақдим этади.

Шу нуқтаи назардан, Сизнинг менга нисбатан бир неча бор баланд оҳангда, жаҳл билан «тез-тез чиқинг» мазмунида билдирган муносабатингизни оддий мулоқот сифатида қабул қилиш қийин.

Албатта, суд жараёнининг ўз тартиб-қоидалари, судьянинг процессуал ваколатлари ва суд залининг белгиланган интизоми мавжуд.

Журналист ҳам бу талабларга ҳурмат билан муносабатда бўлиши шарт. Бироқ процессуал тартибни таъминлаш билан инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш бир-бирига зид тушунчалар эмас.

Тартибни қўполлик билан эмас, қонун, маданият ва касбий масъулият билан таъминлаш мумкин.

МЕН ЎША ВАЗИЯТДА НЕГА ОРТИҚЧА БАҲСГА КИРИШМАДИМ?

Очиғини айтаман, ўша пайтда ҳамманинг олдида юзма-юз турган ҳолатда Сизнинг муносабатингизга жавобан ортиқча саволлар бериб, баҳсни давом эттиришни истамадим.

Чунки мен учун шахсий тортишувдан кўра, журналистик вазифа, воқеликни холис кузатиш ва жамоатчиликка ҳаққоний ахборот етказиш муҳимроқ.

Аммо бу ҳолатни менинг сукутим ёки билдирилган муносабатни маъқуллаганим деб тушунмаслик керак. Журналистнинг босиқлиги унинг ҳуқуқлари ва касбий қадр-қимматига бефарқлигини англатмайди.

СУДЬЯНИНГ ҲАР БИР МУОМАЛАСИ СУДГА БЎЛГАН ИШОНЧНИ ШАКЛЛАНТИРАДИ.

Ҳурматли Жасур Суяров! Бугун мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Президентимиз томонидан илгари сурилаётган инсон қадри, қонун устуворлиги ва адолат тамойиллари ҳар бир давлат хизматчисидан, айниқса, судьялардан юксак масъулият талаб қилади.

Фуқаро суд остонасига келганда ўзини ҳимоясиз эмас, балки қонун ҳимоясида эканини ҳис қилиши керак.

Судга мурожаат қилган инсоннинг кўнглида адолатга ишонч пайдо бўлиши, судья билан мулоқотдан кейин ҳам унинг қалбида қонунга ҳурмат ва ишонч сақланиб қолиши жуда муҳим.Судьянинг вазифаси фақат суд қарорини қабул қилиш билан чекланмайди.

Унинг муомаласи, холислиги, сабр-тоқати ва инсонларга муносабати ҳам суд маданиятининг ажралмас қисмидир.

Ҳеч бир мансаб ёки лавозим инсонни одоб-ахлоқ, маданият ва ҳурмат мезонларидан озод қилмайди.

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ ВА ЖУРНАЛИСТИК МАСЪУЛИЯТ.

Менинг ишончим комилки, журналист томонидан ёритилган ҳар қандай воқелик жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлиши мумкин.

Бу эса кимнидир олдиндан айбдор деб эълон қилиш дегани эмас.

Аксинча, ҳар бир ҳолат ҳужжатлар, фактлар, расмий муносабатлар ва холис журналистик ўрганиш асосида баҳоланиши лозим.

Агар судьянинг хатти-ҳаракатларида касбий одоб ёки хизмат интизоми талабларига зид ҳолатлар мавжуд бўлса, уларга ваколатли органлар томонидан қонун доирасида ҳуқуқий баҳо берилиши мақсадга мувофиқ.

Жамоатчилик ҳам суд тизимида инсон қадри, адолат ва одоб-ахлоқ тамойилларига амал қилинишига бефарқ қарамаслиги керак.

СИЗГА БИР САМИМИЙ МАСЛАҲАТИМ БОР.

Ҳурматли Жасур Суяров! Ҳар бир инсон ўз хатти-ҳаракатларини виждони олдида сарҳисоб қилиши керак. Кечаги мулоқотингизни яна бир бор хотиржамлик билан эслаб кўринг.

Сиз билан мулоқотда бўлган фуқаро ёки журналист ўзини қандай ҳис қилди?

Сизнинг сўзларингиз ва муомалангиз судьялик мақомига, судьянинг юксак касбий одобига қанчалик мос келди?

Энг муҳими, судьянинг ҳар бир хатти-ҳаракатидан кейин фуқароларда судга нисбатан ишонч ортадими ёки аксинча?

Бу саволларга, аввало, ҳар бир инсон ўз виждони олдида жавоб бериши керак.

Мен Сизнинг шахсингизга нисбатан адоват ёки шахсий даъвога эга эмасман.

Мақсадим ҳам кимнидир камситиш ёки асоссиз айблаш эмас.

Менинг талабим битта: қонунга ҳурмат, инсон қадрига эҳтиром, журналистнинг қонуний фаолиятига нисбатан ҳурмат ва судьялик касбига муносиб муомала маданияти.

Зеро, судьянинг куч-қудрати унинг баланд овозида эмас, балки қонунга садоқати, холислиги, одоби ва адолатли қарорларида намоён бўлади.

Ҳақиқий обрў мансаб билан эмас, инсонларга бўлган муносабат билан қозонилади.

Сизга келгуси фаолиятингизда қонун устуворлиги, инсон қадри, юксак муомала маданияти ва касбий масъулият тамойилларига доимо амал қилишингизни тилайман.

Ҳурмат билан, Ҳамид СУЛАЙМОН Расмий ОАВ — HAQIQAT.UZ ахборот-таҳлилий интернет нашри Бош Муҳаррири