ГУЛИСТОНДА ТАДБИРКОРЛАР МЕҲНАТИГА ХИЁНАТ: ҲОКИМИЯТ ЎЗ БУЮРТМАСИ ВА ҚАРЗИДАН ТОНМОҚДАМИ?
«Otabek savdo plyus» хусусий корхонаси тахририятга йуллаган мурожаати хусусида олиб борилган журналистик суриштирув ва тақдим этилган суд ҳамда ариза ҳужжатлари асосида Гулистон шаҳар ҳокимлиги мансабдорларининг қонунга зид ва номуносиб хатти-ҳаракатлари юзасидан холис ўрганиш.
Шубҳасиз, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлиги давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайта-қайта таъкидлаганидек:
«Тадбиркор йўлига тўсиқ бўлишни давлат сиёсатига хиёнат, деб қабул қилиш керак.
Ким қайси соҳада ва қайси лавозимда ишламасин, қонуний ишлаши, ҳар бир мурожаатга виждонан ёндашиб, тадбиркорнинг ҳақига хиёнат қилмаслиги шарт!»
Афсуски, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида юз бераётган манзара ва тўпланган ҳужжатлар маҳаллий ҳокимият мансабдорларининг ушбу қатъий талабга қай даражада «риоя этаётгани»ни очиқ-ойик кўрсатиб бермоқда.
Амалдорлар масъулиятсизлиги ва «масъулиятни сохталаштириш» схемалари Гулистон шаҳридаги кўп қаватли турар жой биноларини таъмирлаш бўйича муҳим ижтимоий ва пудрат ишлари бажарилган.
Шартнома битимларига кўра, буюртмачи сифатида Гулистон шаҳар ҳокимлиги (ҳоким ўринбосари Б.Муратов ва бошқа масъуллар томонидан имзоланган) ҳамда бош пудратчи «Kamronbek uy-joy kommunal» МЧЖ ўртасида пудрат шартномалари расмийлаштирилган.
Бажарилган ишларга «Otabek savdo plyus» хусусий корхонаси ҳам ёрдамчи пудратчи сифатида жалб қилиниб, ўз мажбуриятларини тўлиқ ва сифатли адо этган.
Бироқ, орадан 5 йил ўтган бўлса-да, маҳаллий ҳокимият ўз буюртмаси асосида бажарилган хизматлар учун пудратига ва аслида меҳнат қилган тадбиркорларга тегишли бўлган маблағларни тўлаб беришдан бўйин товлаб келмоқда.
Янада ачинарлиси, Гулистон шаҳар ҳокимининг амалдаги биринчи ўринбосари М.Мадаминовнинг расмий хатларида (2/2-4791-сонли) ҳокимият «ушбу иш юзасидан умуман алоқаси йўқлигини, буюртмачи сифатида ўтмаганини» важ қилиб, ўз мажбуриятидан мутлақо тонмоқда.
Ваҳоланки, имзоланган шартномалар ва тўпланган рад этиб бўлмас ашёвий далиллар ҳокимиятнинг бевосита буюртмачи эканлигини яққол исботлаб турибди.
Жиноий жавобгарлик ва сохта ҳужжатлар:
Суд қарорлари нима дейди?
Жамоатчилик назорати ҳамда суриштирув давомида маълум бўлишича, Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг 2024 йил 16 апрелдаги чиқарган ҳукмида Гулистон шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахслари расмий ҳужжатларни қалбакилаштиргани, бюджет маблағларини сохта шартномалар орқали ўзлаштириш ва талон-торож қилиш ҳолатлари содир этилгани фош этилган.
Ҳокимиятнинг собиқ масъуллари (Ғ.Ботиров ва бошқалар) томонидан тадбиркорнинг аслида бажарган меҳнатини сохта ҳужжатлар билан бошқа корхоналар («Guliston ta'mirlash xizmati» МЧЖ) номига расмийлаштириш орқали бюджет маблағларини ўзлаштириш схемалари амалга оширилгани жиноят иши материалларида баён қилинган.
Бунинг оқибатида, ҳалол меҳнат қилиб, ўз вақтида ишчиларига ва бюджет олдида аниқ мажбуриятларини бажаришга уринаётган «Otabek savdo plyus» хусусий корхонаси раҳбари (аёл тадбиркор М.Мирзаолимова) 416 миллион сўмдан ортиқ дебиторлик қарзини ундира олмай, йиллар давомида сарсон-саргардон бўлиб келмоқда.
Корхона эса маҳаллий масъулларнинг масъулиятсизлиги сабаб инқироз ва солиқ қарздорлиги остида қолмоқда. Қонун устувор ва жазо муқаррардир!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 12 майдаги ПФ-1154-сонли «Халқ хўжалигида ҳисоб-китоблар ўз вақтида ўтказилиши учун корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида:
Дебиторлик қарздорлигига йўл қўйган ва ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширмаган масъулларга нисбатан қатъий маъмурий, моддий ва ҳатто жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилиши аниқ белгилаб қўйилган.
Жабрланган тадбиркорлар ва вакиллар ушбу муаммо юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси назорати остида ҳамда Бош прокурорнинг «Қонун устувор ва жазо муқаррар» деган шиорига таянган ҳолда Гулистон шаҳар ҳокимлигидан тегишли ҳисоб-фактура ва шартнома мажбуриятлари асосида тўланмай келинаётган маблағларни ундириб беришни, шунингдек, тадбиркорлар ҳақига хиёнат қилган мансабдорларга нисбатан ҳуқуқий баҳо берилишни талаб этмоқда.
OAV HAQIQAT UZ Таҳририяти мазкур ҳолат бўйича ваколатли назорат органлари, Бош прокуракура ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлигидан ушбу журналистик суриштирувга расмий муносабат ва амалий чора-тадбирлар кутиб қолади.