«ФЕРУЗ НАЖМИДДИНОВ ВА ШАҲАР ПРОКУРАТУРАСИНИНГ БЕФАРҚЛИГИ ҚАНЧАГА ТУШМОҚДА?
«ФЕРУЗ НАЖМИДДИНОВ ВА ШАҲАР ПРОКУРАТУРАСИНИНГ БЕФАРҚЛИГИ ҚАНЧАГА ТУШМОҚДА? “НУРЛИ ЙЎЛ” АҲОЛИСИНИНГ ВАЙРОН БЎЛГАН УЙЛАРИ ВА ЖАВОБСИЗ ҚОЛГАН МУРОЖААТЛАР ИЗИДАН ТАНҚИДИЙ СУРИШТИРУВ!» Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шодиёналари яқинлашаётган бир пайтда, Самарқанд шаҳридаги «Нурли йўл» маҳалласи аҳолиси байрам кайфиятидан йироқ, сарсон-саргардонликда кун кечирмакда. Расмий ОАВ — HAQIQAT.UZ ахборот портали ва журналистлари воқеа жойига шахсан етиб бориб, фуқароларнинг розилигисиз, тегишли компенсациялар тўланмасдан ва ҳуқуқий асослар очиқланмасдан, уй-жойлари вайрон қилингани ҳолатини бевосита ўрганган эди. Аммо энг ачинарлиси — муаммо юзасидан Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Феруз Нажмиддинов билан ўтказилган мулоқот давомида мансабдор шахс гўёки ҳеч нарсадан бехабардек, лоқайд ва бефарқ оҳангда жавоб қайтаргани бўлди! Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 47-моддасига асосан, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид равишда уй-жойдан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда унга етказилган зарарларнинг ўрни олдиндан ва тенг қийматда қопланиши кафолатланади. Соҳага оид амалдаги «Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларида фуқаролар розилигисиз бузиш (снос) ишларини амалга ошириш қатъий ман этилади. Шундай экан, ҳақли саволлар туғилади: Нега Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар прокуратураси «Нурли йўл» аҳолисининг бир неча ойдан буён ижтимоий тармоқлар ва матбуот ойналарида садо бераётган видеомурожаатларига нисбатан ҳануз сукут сақламоқда? Нега масъуллар, хусусан, шаҳар ҳокими ўринбосари Феруз Нажмиддинов ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бевосита маҳаллага бориб, фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, муаммони жойида ўрганмайди? Бундай бефарқлик ва лоқайдлик орқасида кимнинг манфаатлари ётибди? «Урбанизация ва реновация» баҳонасида оддий халқнинг конституциявий ҳуқуқлари топталишига ким жавоб беради? ЯКУНИЙ ХУЛОСА ВА ТАҲРИРИЯТ БОНГИ: Маҳаллий ҳокимият ва прокуратура органларининг ушбу лоқайдлиги сабабли, ОАВ HAQIQAT.UZ таҳририяти «Нурли йўл» аҳолисининг ҳақли эътирозлари ва видеолавҳасини ТАКРОРИЙ ЭФИРГА узатишни лозим топди! Бу видео мурожаат ва таҳлилий суриштирув — Самарқанд шаҳар ҳокимияти ҳамда Самарқанд шаҳар прокурори эътиборига расмий ОАВ талаби ва мурожаати сифатида тақдим этилмоқда! Қонун посбонлари ва шаҳар мутасаддилари бу саволларга нима дейди? ОАВ HAQIQAT.UZ ахборот портали воқеалар ривожини синчковлик билан кузатиб боришда ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиб, интернет расмий ахборот порталида Президентимиз эътиборига тақдим этиш учун бонг уришда давом этади!