Фарғонада тадбиркорнинг 6 миллиард 750 миллион сўмлик ҳақи нега тўланмаяпти ва унга нима учун жиноят иши очилди?
HAQIQAT.UZ OAB таҳририяти Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хусусий сектор вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши этиб белгиланган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида бу борадаги қатъий позициясини неча бор таъкидлаб ўтган: «Тадбиркор — жамиятимизнинг таянчи, иқтисодиётимизнинг локомотиви. Тадбиркорга тўсқинлик қилиш — давлат сиёсатига хиёнат деб баҳоланади!» Бироқ жойлардаги айрим амалиётлар, шартномавий интизомсизлик ва ҳуқуқий механизмларнинг ишлаши билан боғлиқ ҳолатлар Президент белгилаб берган ушбу юксак талабларга қанчалик мос келмоқда?
Фарғона вилоятининг Бувайда туманида яшовчи, 28 йиллик тажрибага эга «Тараққиёт-Т» корхонаси раҳбари Баҳром Тешабоев томонидан таҳририятга йўлланган мурожаат ортидаги тафсилотлар ана шундай жиддий ва оғриқли саволларни ўртага ташламоқда.
Бажарилган иш — бор, аммо 6,75 миллиард сўмлик тўловдан дарак йўқ Мурожаатчининг таъкидлашича, йўл ва кўприк қурилиши соҳасида қарийб ўттиз йилдан буён фаолият юритиб келаётган «Тараққиёт-Т» корхонаси 2023–2024 йилларда «Фарғона шаҳар Эко сити» объектида ички йўл қурилиши доирасида бетон пудрат ишларини бажариш учун «Муҳаммад Файз» МЧЖ билан 6 миллиард 750 миллион сўмлик шартнома имзолаган.
Белгиланган вазифалар 2024 йил 9 июлга қадар тўлиқ якунланиб, объект топширилган. Аммо тадбиркорнинг маълум қилишича, орадан шунча вақт ўтганига қарамай, бажарилган ишлар учун бир тийин ҳам маблағ тўлаб берилмаган.
Ажабланарлиси шундаки, тадбиркор ўз ҳақини талаб қилиб вилоят ва туман-шаҳар прокуратураларига қилган мурожаатларидан сўнг олинган жавоб хатларида , «Муҳаммад Файз» МЧЖ ва Бош пудратчи — Фарғона туман йўллардан фойдаланиш корхонаси ўртасида ушбу объект бўйича ўзаро шартнома тузилмагани маълум бўлган.
Шундан сўнг мурожаатчида табиий савол туғилган: агар расмий шартнома бўлмаса, буюртмачи — Фарғона вилоят «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясига 9,2 миллиард сўмлик ишлар қандай қилиб топширилди ва маблағлар қайси асосда ўзлаштирилди?
Ҳақини сўраган тадбиркор нега айбланувчига айланиб қолмоқда? Мурожаатдаги энг хавотирли нуқта — пулини ундиролмай юрган тадбиркорнинг ўзига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилгани билан боғлиқ ҳолатдир.
Ариза муаллифининг қайд этишича: 2026 йил 4 апрелда Фарғона вилояти ИИБ терговида Б.Тешабоевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-банди қўлланилган ва 2026 йил 4 июнда вилоят прокуратураси хулосасига асосан иш тугатилган. Бироқ орадан кўп ўтмай — 2026 йил 4 сентябрь ва 16 сентябрь кунлари Марғилон шаҳар прокуратураси томонидан тадбиркор, корхона директори ва бухгалтерига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми, 228-моддаси, 181-1 ва 184-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Мурожаатчи бу ҳолатни ўз ҳақини талаб қилгани учун кўрсатилаётган босим ва тазйиқ сифатида баҳолаб, вилоят прокурори номидан расмийлаштирилган айрим ҳужжатлардаги имзоларнинг ҳақиқийлигига ҳам шубҳа билдирган ҳамда ушбу ҳолатни экспертлар иштирокида текширишни сўраган.
Очиқ қолаётган 11 та принципиал савол Тадбиркор тегишли идоралар ва назорат органларидан қуйидаги ҳужжатлар ва ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилишини талаб қилмоқда: Амалдаги кирим-чиқим харажатлари қандай шаклланган?
Объектда қайси ташкилотга тегишли техникалар ишлаган?
Ишчи-ходимларнинг ойлик маошлари ким томонидан ва қай тартибда тўланган?
Қурилиш материалларининг кирим-чиқим ҳужжатлари қаерда?
Солиқ органларига тақдим этилган ҳисоботларда нималар акс этган? Объектда қайси прораб ва техник назоратчи (технадзор) фаолият юритган?
Бухгалтерия ҳисоб-китоблари қандай юритилган?2022 йилги лойиҳа-смета ҳужжатлари нималарга асосланган? Лаборатория хулосалари кимнинг номига ва қандай берилган?
Молия ва ғазначилик органларига топширилган ҳужжатларнинг асоси нима?
Маълумотнома-счёт фактуралар қандай расмийлаштирилган?
Таҳририят нуқтаи назари: Қонун ҳамма учун баробар бўлиши шарт!
Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик муҳитини соғломлаштириш ҳақида сўз юритар экан, «Энди тадбиркорга қўл теккизишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, унинг мулки ва ҳалол меҳнати давлат ҳимоясида», дея бот-бот уқтирмоқда.
Шундай экан, 28 йил давомида эл-юрт хизматида бўлиб, йўл ва кўприклар қурган тадбиркорнинг 6 миллиард 750 миллион сўмлик меҳнат ҳақи нега тўланмагани, шунингдек, шартномавий муносабатлардаги шубҳали ҳолатлар ўрнига нима учун тадбиркорнинг ўзи жиноий таъқиб остига олингани Бош прокуратура, Олий суд ва бошқа мутасадди идоралар томонидан холис, шаффоф ва адолатли ўрганилиши шарт.
